Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирди. Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Тадбир якунида қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди: Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим, Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом, 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.
Back to Top