Ушбу қисса Қуръони каримнинг кўпгина сураларида келтириб ўтилган, жумладан, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Мўминун, Шуаро, Нуҳ ва бошқа суралардир.
Нуҳ (алайҳиссалом)нинг насаблари Одам (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Зикр қилишларича, уларнинг орасидаги муддат тахминан 2000 йил бўлган. Қуръонда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг номлари қирқ уч жойда зикр қилиб ўтилган.
Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари бут-санамларга сиғинар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга Ўзигагина ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариш мақсадида Нуҳ (алайҳиссалом)ни юборди.
Ибн Касир ўз тафсирларида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: «Бир қавм ичида солиҳ кишилар бўлган эдилар, сўнгра улар вафот этишади, қавм улар учун масжидлар қуради. Уларга ўхшаш ниятида уларнинг суратларини ўша ерга чизиб қўядил